Янгиликлар
Янгиликлар
2024-01-15
#Бугун
Маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш ва амалий кўмак беришда янги тизим яратилмоқда.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижроси доирасида мамлакатимизда маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари Уюшмаси ташкил этилмоқда.
Шу йил 12 январь куни Наманган вилоятидаги барча шаҳар ва туманларда маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўйича Наманган вилояти кенгаши ташкилий йиғилишида иштирок этиш учун делегатларни сайлаш жараёнлари бўлиб ўтди.
Уларда вилоятдаги мавжуд 788 та маҳалла фуқаролар йиғини раислари орасидан Наманган вилояти кенгаши ташкилий йиғилишида иштирок этиш учун 118 нафар делегатлар сайланди.
Ушбу вакиллар 15 январь куни Наманган шаҳридаги “Маърифат маркази”да бўлиб ўтган Наманган вилояти кенгаши ташкилий йиғилишида иштирок этдилар.
Йиғилишни Наманган вилояти ҳокими, вилоят кенгаши раиси Шавкатжон Абдураззоқов бошқарди.
Унда кун тартибидаги масалалар юзасидан маърузалар тингланди. Музокараларда маҳалла тизимига кўрсатилаётган эътиборга яраша иш ташкил этиш лозимлиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Якунда маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўйича Республика кенгашининг ташкилий йиғилишида вилоят номидан қатнашадиган 10 нафар вакил делегат сайланди.
Таъкидлаш жоиз, республика Кенгашига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, ҳудудий кенгашларга эса тегишли тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ҳамда шаҳарлар ҳокимлари жамоатчилик асосида раислик қиладилар.
Шу билан биргаликда, янги ва алоҳида тузилма – Ўзбекистон маҳаллалари Уюшмаси ҳамда унинг ташкилий тузилмаси тасдиқланади.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.